“ – Дин бу насиҳатдир.

– Ким учун? – деб сўрадик биз.

– Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ва оммалари учун! – деб жавоб бердилар Расулуллоҳ (с.а.в.)” (Муслим ривояти).

Ҳадиси шарифда дин насиҳат, дейилмоқда. Хўш, насиҳат нима?

Аллоҳ таолонинг борлигини, ягоналигини, бутун камол ва жамол сифатларнинг Унга оидлигини, холис ният билан Унгагина ибодат қилиш лозимлигини, имкон борича Унинг ризосини қўлга киритишга ҳаракат қилишни, Унга итоатсизликдан сақланишни, Унинг дўстларига муҳаббат билан қарашни, берган неъматларига шукр қилишни билиш ҳамда бошқаларга ўргатиш Аллоҳ учун насиҳат бўлади.

Қуръони каримда келган хабарларга ишониш, буюрилганларни қилиш, қайтарилганлардан узоқ бўлиш, ўз ақли, фикри билан таржима ва тафсир қилмаслик, Қуръонни таҳоратсиз ушламасликни билиш ҳамда бошқаларга ўргатиш Қуръон учун насиҳат бўлади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) келтирган нарсаларни билиш ва уларга ишониш, у зот (с.а.в.)га ва исмларига ҳурмат бажо келтириш, кўп салавот айтиш, суннатларига амал қилиш, юксак ахлоқларини ўзлаштириш, аҳллари ва саҳобаларини севиб ҳурматлаш, Жанобимиз (с.а.в.) севган ишларни севиб, қайтарганларидан нари бўлиш, ҳаёт йўлларини билиш ҳамда бошқаларга ўргатиш Пайғамбар (с.а.в.) учун насиҳат бўлади.

Дунё ва охират учун наф келтирадиган амаллар билан машғул бўлиш, фойдасиз ва зарарли, бировларга азият етказадиган, дилини оғритадиган ишлардан, тақиқланган, ҳаром амаллардан қочиш, фарзларни ўз вақтида бажариш, ўзгалар ҳаққини ейишдан тийилиш, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззатда бўлиш, илм олиб динга, ватанга, миллатга фойдали инсон бўлишга ҳаракат қилиш, қўшничилик ва қариндошчилик алоқаларига путур етказмаслик лозимлигини билиш ҳамда бошқаларга ўргатиш инсонлар учун насиҳат бўлади.

Шоакмал Акбарзода

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 4 июнда эълон қилинган  749 марта кўрилган