“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрар ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зулмдан қайтарур. (У) эслатма олурсизлар, деб сизларга насиҳат қилур”(Наҳл, 90)

Аллоҳ таоло бу оятда дунё низомини сақлаб турадиган асосий хусусларга эътибор қаратган. Уларни олтига жамлаб, учтасини қилишга буюрган, бунинг акси бўлган уч ёмон ишдан қайтарган.

Буюрганлари: Адолат, эҳсон ва қариндош-уруғларга ёрдам бериш.

Қайтарган ишлари: Фаҳш-бузуқлик, мункар ва зулм.

Ибн Аббос (р.а.) оятнинг асл матнидаги “адолат”дан мурод Аллоҳнинг ягоналигига гувоҳлик бериш, “эҳсон-эзгу ишлар”ни “фарзларни адо этиш”, “фаҳш-бузуқчилик”ни “зино”, “бағй”ни эса “зулм”, дея тафсир қилганлар.

Энди ушбу хусусларни алоҳида-алоҳида кўриб чиқсак.

Адл: Ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиш, ҳақни жойида қарор топтириш бўлиб, акси зулм ва ноҳақликдир. Адолат инсоф ва тўғрилик тушунчаларини ҳам ўзида акс эттиради. У жамиятдаги барча шахс, нарса ва ҳодисаларнинг ўзаро олтин мувозанатини сақлаб турадиган тарозидир.

Шубҳасизки, адолатнинг аввали Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлмиш илоҳлик ҳақларидир. Илоҳлик ҳақларининг биринчиси эса, Унинг якка-ю ягона эканига ишониш ва гувоҳлик беришдир.

Эҳсон: Бу сўз луғатда икки маънода келади: биринчиси бир нарсани чиройли шаклда бажармоқ, иккинчиси бир кишига яхшилик қилмоқ. Тилимизда у ана шу иккинчи маънода ишлатилади. Оятдаги “эҳсон” эса ҳар иккала маънода тафсир қилинган. Биринчиси “амалларингни чиройли тарзда бажар”, деган маънодаки, уни Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Эҳсон Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қилишингдир...”, деган машҳур ҳадислари тафсир қилади.

Иккинчиси эса ҳаммага яхшилик қилиш маъносида бўлиб, уни “Ўзинг учун яхши кўрган нарсангни бошқа биродарингга ҳам раво кўр”, деган ҳадиси шариф изоҳлайди.

“Қариндошга яхшилик қилиш” – қондош-қариндошларнинг корларига ярамоқ, имкон даражасида улар муҳтож бўлган хусусларда ёрдам қўлини чўзмоқдир. Бу аслида эҳсонга тегишли тушунча бўлса ҳам, аҳамияти ниҳоятда катта бўлгани учун алоҳида зикр қилинган.

Фаҳшнинг луғавий маъноси ҳаддан ошишлик, лекин урфда номусга қаратилган жиноятлар тушунилади.

Мункар: Шариат ва инсоннинг соғлом табиатига тўғри келмайдиган, нохуш сўз ва амаллар.

Зулм: Адолатнинг зидди бўлиб, ҳаддан ошиш, бировнинг ҳаққига тажовуз қилишдир.

Юқоридаги оят хусусида улуғ саҳобийлардан Усмон ибн Мазъуннинг ушбу сўзлари ривоят қилинган: “Мен бошида фақатгина Муҳаммад (с.а.в.)дан уялганим учун мусулмон бўлган эдим. Ислом ҳали қалбимга кирмаганди. Бир куни у зот ҳузурларига борганимда ушбу оят нозил бўлди. Уни менга ўқиб берганларидан кейин ислом қалбимда қарор топди”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд бу оят ҳақида шундай деганлар: “Қуръондаги (яхшилик ва ёмонликни) жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшилик ҳам, четланиш лозим бўлган ёмонлик ҳам жамлаб зикр қилинган”.

Бу буйруқ ва қайтариқлар, яхшилик ва ёмонликни бир-биридан ажратиб, изоҳлаб бериш орқали Аллоҳ бизга насиҳат қилади. Зеро, насиҳат кишилик жамияти учун барча замон ва маконда ўз аҳамиятини, қийматини асло йўқотмайди. Улардан ҳамиша Аллоҳнинг мўмин бандалари ўзлари учун эслатма ва ваъз олишда давом этаверадилар.

Табарий, Қуртубий ва Собуний тафсирлари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 4 июнда эълон қилинган  842 марта кўрилган