(Сўзбоши ўрнида)

Шундай латифа бор: “Қурилиш бораётган жойда бўш замбилни кўтариб олиб, зувиллаб у ёқдан-бу ёққа қатнаётган йигитлардан бир киши сўради:

– Нима қиляпсизлар?

– Тупроқ ташияпмиз.

– Замбилларинг бўм-бўш-ку?

Йигитлар зардаланиб жавоб беришди:

– Кўрмаяпсизми, иш шундай кўпки, ҳатто замбилга тупроқ солишга вақтимиз йўқ!”

Бугун ҳаммамиз ҳам вақт танқислигидан нолиймиз. Шу тўғрими? Чиндан ҳам вақтимиз йўқми?

“ – Опа, таржимамга ёрдамлашворинг, жумла чиқаролмаяпман.

– Қўй, ўзи ишдан чарчаб келдим, бош қашлашга вақтим йўқ. Бирпас телевизор кўриб, дам олай”.

“ – Бувингнинг оёқ суяги ёрилибди, бориб келдим, гипслаб қўйишибди. Сен ҳам бир бориб қўйсанг, яхши бўларди, болам.

– Онажон, беш кунгинага келган бўлсам, бунинг устига мўлжалимдаги ишларим битгани йўқ. Бувимни кўргани кейинги келишимда хотиржам борарман”.

“ – Фотима чақалоғи билан касалхонага тушибди, қўлимиз бўшаганда йўқлаб қўямизми?

– Албатта, борамиз. Лекин шу кунларда эмас, ишларим бошимдан ошиб ётибди. Тезроқ тушлик қилиб келақолайлик”.

Бу каби суҳбатлар у ёки бу кўринишда ҳаммамизнинг ҳаётимизда учрайди. Бундай пайтларда ўта чарчаган киши қиёфасида яна ўша гапни такрорлаймиз – иш кўп, вақт йўқ. Агар вақтни яқинлар зиёрати, оила даврасидаги суҳбат, фарзандлар билан машғул бўлиш, фойдали илм ўрганиш, бир кўнгилни яхши амал, ширин сўз билан обод

этишга сарф қилмасак, нимага харжлаймиз?

Бу саволга жавоб топиш учун бир кунлик ҳаётимизни обдон таҳлил қилиб кўрсак, кифоя. Кунлик ҳаётимиздан на дунё, на охиратимизга нафи тегмайдиган юмушларга жуда кўп вақтимиз кетиши аён бўлади. Ваҳоланки, Қуръони каримдан бир оят ёки битта ҳадисни ўрганиш, бир саҳифа ибратли нарса ўқишга ҳар кунимиздан ўн дақиқагина ажратиш билан қанча яхшиликларни қўлга киритиш мумкин. Лекин бизнинг аҳволимиз худди латифадаги йигитлардек, бўш замбил билан тўрт томонга чопишдан иборат. Мазкур ҳолатнинг ҳозирги ҳаётимиздан ҳам кўра, охиратдаги натижаси ҳақида мулоҳаза юритсак, ҳушёр тортамиз. Чунки бу хусусда ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Инсон охиратда қуйидаги беш нарсанинг ҳисобини бермагунича, Аллоҳ ҳузуридан кетмайди: умрини қандай яшаганлиги, ёшлигини қай суратда ўтказганлиги, мол-мулкини қандай топиб, қаерларга сарф қилгани ва билганларига қай даражада амал қилиб-қилмаганидан”.

Бир нарсани унутмаслик лозим, бир кунда икки соатни фойдасиз нарсаларга сарфлаш бир йилда 730 соатни елга совуриш, дегани. Бу ўз ўрнида бир ўқувчининг йил давомидаги таҳсил олишга кетган дарс соатларига тенг. Вақтимиз ҳар йили бир ўқув йилини киприк қоқмай ютқазиб юбораверадиган даражада кўпми? Умримизнинг дақиқалари шу қадар қимматсизми?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда вақтни қадрлаш мўмин бандаларга хос хусусият экани ҳақида: “Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар”, деб марҳамат қилади (Муъминун, 3). Шунга кўра, бизга берилган ғанимат умр дақиқаларини тўғри сарф қилиш билан дунё ва охират яхшиликларни қўлга киритамиз. Шунинг учун ҳам ҳар нарсадан қимматли бўлган бу сармоямизни қаерга, қандай сарф қилаётганимизга эътиборли бўлишимиз шарт.

Зумрад Фозилжон қизи

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 4 июнда эълон қилинган  965 марта кўрилган