сентябр 04

Раҳимсан-ку, раҳм айла, гуноҳкор айлама, ё Раб!

Афв эт, кўп хато қилдим, маконим тор айлама, ё Раб!

 

Ўйин-кулгуга вақт бердим – адашганман, улоққанман –

Лаинни бартараф айла, мани хор айлама, ё Раб!

 

Билолмасман ҳақиқатни, риёкор кўп бошим узра,

На этсанг эт мани, аммо риёкор айлама, ё Раб!

 

Юрак қонли яро бўлди, бугун теграм қаро бўлди,

Ўзинг берган кўзим-ку бу, зиёга зор айлама, ё Раб!

 

Ҳаёт отлиғ либосимда уятли доғларим кўпдир,

Бу дунё-ю у дунёда ошкор айлама, ё Раб!

 

Черик босган, қамал ўлған, хароб ўлған шаҳар янглиғ

Тану жонимни тўзғитма, тор-мор айлама, ё Раб!

 

Ўзинг тақвим яратгансан мукаммал, устувор айлаб,

Миразиз Аъзамни энди бебаҳор айлама, ё Раб!

 

Миразиз Аъзам

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 4 сентябрда эълон қилинган  923 марта кўрилган