Ойларнинг ичида энг улуғи ва фазилатларга бойи бўлмиш Рамазони шариф ҳам кириб келмоқда. Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, диёримиз мусулмонлари ҳар йили рамазон рўзасини тинчлик-осойишталик, бағрибутунлик билан адо этмоқдалар. Дарҳақиқат, бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.

“Рамазон” сўзи беш ҳарфдан иборат. Унинг ҳар бир ҳарфига уламоларимиз шундай маъно берганлар. “Ро” – “раҳмат”, “мим” – “мағфират”, “зод” – “зимонун лилжаннат” (жаннатга кириш учун кафолат), “алиф” – “аманун минаннар” (дўзахдан омонлик), “нун” – “нурун миналлоҳ” (Аллоҳ томонидан нур) маъноларини англатади.

Ушбу сўзимизни Имом Термизий (р.ҳ.) ривоят қилинган: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озодлик кунларидир”, ҳадиси шарифи ҳам қувватлайди. Яъни: “ро” ҳарфи рамазоннинг аввали бўлган раҳмат кунларига, “мим” ўртадаги мағфират кунларига, “зод” ва “алиф” ҳарфлари охиридаги “дўзахдан озод бўлиш” кунларига, “нун” ҳарфи эса бутун рамазоннинг натижасида ҳосил бўладиган нурга далолат қилади.

Рамазон ойининг фазилатларини батафсил баён қилгувчи ҳадисни Расулуллоҳ (с.а.в.)дан Салмон Форсий (р.а.) ривоят қилиб, шундай дейдилар: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларга хутба ўқиб шундай дедилар: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва баракотли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор-бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирорта фарз амални адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. У – сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У – хайр-эҳсон улашиладиган ой. У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”. Шунда биз: “Эй Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсаридан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди. Рамазон – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки у ойда ходимларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ҳамда дўзахдан озод қилади”, дедилар”.

Аллоҳ таоло мўминларга рамазонда рўза тутишни буюриш билан Ўзининг чексиз раҳматини намоён қилган. Буни Қаффол Шоший (р.ҳ.)нинг шу мазмундаги оятларга берган шарҳларидан ҳам кўриш мумкин: “...Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди”. Демак, рўза орқали мусулмонлар аввалги умматларга эргашмоқдалар. “Тақволи бўлишларингиз учун...” рўза фарз қилинди. Демак, рўза тақвони ҳосил қилишга сабабдир. Агар у бўлмаса, мақсад ҳам ҳосил бўлмайди. Рўза “Саноқли кунлар”дан иборатдир. Бу ҳам Аллоҳнинг ўз бандаларига нисбатан марҳаматидир. Аллоҳ таоло рўза учун рамазон ойини танлади. Чунки бу ой Қуръон нозил қилинган ва энг улуғ ойдир. “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни истамайди”. Аллоҳ ўз бандаларини оғир азобдан қутқариш учун рўзани уларга фарз қилди. “Сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир”. Яъни, уларга рўза тутиш машаққат бўлгани учун бошқа кунга кечиктиришга рухсат берди.

Рамазон ойи уммати Муҳаммадийяга ўзгача тароват олиб келади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Рамазон ойида умматимга олдинги умматларга берилмаган бешта хислат берилади: рўзадорнинг оғзидан келаётган ҳид Аллоҳнинг наздида мушку анбарнинг бўйидан ҳам яхшироқдир. Оғиз очгунларича фаришталар уларнинг ҳақларига истиғфор айтиб турадилар. Шайтонлар кишанланиб, илгари қилиб юрган ёмонликларини қила олмайдилар. Ҳар куни Аллоҳ таоло жаннатини безатиб, унга: “Солиҳ бандаларимнинг дунёдаги машаққат ва азиятлари тугаб, сенга киришларига яқин қолди”, деб айтади. Рамазоннинг охирги кечасида эса уларнинг гуноҳлари кечирилади”. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ! Ўша қадр кечаси бўладими?” – деб сўрашди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Йўқ, аммо ишчининг иш ҳақи ишни мукаммал адо қилиб бўлганидан кейин берилади”, дедилар (“Танбеҳул ғофилин” китобидан)”.

Аллоҳ таоло рамазон ойини барчамиз учун хайрли ва муборак қилиб, қиладиган ибодату дуоларимизни мақбул айласин. Омин!

Жума мавъизалари”дан

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 16 майда эълон қилинган  1286 марта кўрилган