“Ражаб ойи кўп фазилатли ой, шунинг учун рўза тутгандим”. “Шу жазирамада-я? Қандай чидаяпсан?!” “Худонинг Ўзи сабр беради”.

Дугонаси билан бўлган бу суҳбат кун бўйи хаёлидан кетмади. Ражаб ойида қилинган ҳар бир яхши амалга кўплаб ажру мукофотлар берилишини билса ҳам, бу ойда ҳеч нафл рўза тутмаган экан. Уйқуга ётаркан шуларни ўйлаб, эртага рўза тутишга қарор қилди...

Бугун учинчи кун... аввалги икки кун деярли машаққатсиз ўтди, бугун эса эрталабдан иссиқ забтига олиб, томоғи қақрай бошлади. Ўзини иш билан қанча чалғитмасин, бўлмади. Қулоғига фақат сувнинг жилдираган овози эшитилаверади. Ҳовлига тушиб, оёқларини сувга тутиб ўтирди, сал ором олгандек бўлди. Бу ҳолат кун давомида неча марта такрорланди, ўзи ҳам билмайди. Ишдан қайтаркан, қаерга қарамасин атрофга кумушдек томчиларни сочиб ўйнаётган сувпуркагичларга, яхна ичимликлар билан савдо қилаётганларга кўзи тушарди. Қулоғига жилдираб оқаётган сувнинг овози яна эшитилди – бир йигит телефон чақирувига шу овозни ўрнатган экан... Тавба, шу пайтгача ҳеч бир телефонда бунақасини эшитмаган эди.

Уйга етиб келди. Бетоқатлигим тутган рўзамни ҳабата қилиб қўймасин деб, соатга ҳам қарамади. Ташқарида офтоб олов пуркар, уйнинг ичи ҳам дим эди. Ваннахона салқинроқдек туюлиб, ўша ерга ўтириб олди. Бир китобда ўқиганидек, жазирамада рўза тутган салафларнинг матони ҳўллаб баданларига ўраганлари каби сочиқни ҳўллаб устига ёпди...

Ниҳоят шом намозига азон чақирилди. Дуо ўқиб, рўзасини очди. Косадаги муздай сувни симираркан, жону танига ором югурди. Синглиси яна сув олиб келди. Косадаги сувга юраги эзилиб термулди... беихтиёр кўзларига ёш қуйилди, бутун вужудини, қалбини бир ҳис эритиб бораётганини сезди. Шом намозига тураркан, кўзларидан дув-дув ёш оқарди...

Саждага бошини қўйди, шукр айтди бугунги кунда бошидан кечирган синовларнинг ортидан қалбига чексиз ҳузур-ҳаловат берган, унинг бандалигини, ожизлигини, Ўзининг Холиқ, қудратли, меҳрибон Зот эканини англатган, Ўзи буюрган амалларни бажаришга қодир қилган Аллоҳга...

Йиғлаб-йиғлаб эслади борлиқ бахтга тўлган Саодат асрини, бутун оламнинг қуёши Расулуллоҳ (с.а.в.) бошчиликларида Аллоҳ розилиги учун ҳар қанча мушкуллик, синовлардан чўчимаган, тўғри йўлдан оғмаган асҳоби киром, солиҳ салафларни... Дуо қилди у улуғ зотларнинг, шу кунгача ўтган жамики мўмину мўминаларнинг, шу қаторда онасининг айтишига кўра рамазон авжи саратонга тўғри келиб, салқин уйларда ҳам кўпчилик тутмагани ҳолда, темирйўлда ишлаб туриб рўзани канда қилмаган, юзидан нур ёғилиб турадиган раҳматли бобосининг ҳаққига...

Кўзларида ёш билан ислоҳ сўраб дуо қилди ўзи каби қанча исрофгарлар, неъматнинг қадрига етмаслар ҳаққига... Шафқат сўраб дуо қилди сувни сотиб олиб ичадиганлар, жазирама чўлларда, оби ҳаёт танқис жойларда яшаётган инсонлар, жониворлар ҳаққига...

Тавба қилди жамики борлиқ инсонга Аллоҳ таоло тарафидан берилган неъмат эканини англамаганига, бу неъматлар шукрини адо этолмаганига, бугун ўзи ташнаи зор бўлгани сувни исроф қилганларига...

Саждадан бош кўтараркан, юраги ҳаловат ичра тепаётганини ҳис қилди. Кўзёшлари эса дуога очилган кафтларига ёмғир томчиларидек тўкиларди...

Зумрад Фозилжон қизи

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 19 мартда эълон қилинган  1288 марта кўрилган