Бухорои шарифга “Қуббат ул-ислом” – “Ислом динининг гумбази” деб таъриф берадилар. Шаҳарнинг бу қадар эътирофга сазовор бўлиши машҳур фақиҳ Хожа имом Абу Ҳафс Кабир Бухорий туфайлидир. Зеро, у зотнинг Бухорода илмнинг кенг тарқалишида, кишиларнинг илмли бўлишида, имом ва уламоларнинг ҳурмати ортишида хизматлари беқиёс бўлган. Бағдодда Имом Муҳаммад Ҳусайн Шайбонийдан таҳсил олган Хожа Абу Ҳафс бир кеча-кундузда Қуръонни икки марта хатм қилганлар. Кексайиб заифлашгач, бир марта, яна ҳам заифлашиб қолгач, вафотларига қадар бир кеча-кундузда Қуръонни ярмигача ўқийдиган бўлдилар.

Бухородаги у киши яшаган маҳалланинг “Дари Ҳақраҳ” яъни, “Ҳақраҳ дарвозаси” деб аталашига сабаб одамлар Хожа Абу Ҳафс ҳузурига келиб фатво олар ва бу фатвони ҳақ деб билардилар. Шу жиҳатдан у киши яшаган жойни Ҳақраҳ (ҳақ йўл) деб атаганлар.

Ривоятга кўра, Муҳаммад Толут исмли амир бир куни вазирига: “Хожа имом Абу Ҳафс суҳбатига етишайлик”, дейди. Бухоро саркардаларидан бўлган ақлли вазир эътироз билдиради: “У зотнинг яқинига борганингда салобатидан ҳеч бир сўз айтолмай қоласан”. Амир эса нима бўлса ҳам бораман деб вазир ҳамроҳлигида Хожа Абу Ҳафснинг олдиларига боради. У киши масжидда намоз ўқиш билан машғул эдилар. Намозни тугатиб, салом берганларидан кейин вазир амир келган эди, рухсат борми, деб сўрайди. Рухсат теккач, амир кириб, қиблага қараб ўтирган Абу Ҳафсга салом беради-ю, бошқа ҳеч нарса гапиролмайди. У зотнинг: “Нима иш билан келдинг?” – деган сўровларига ҳам жавоб беролмайди. Чиққанидан кейин вазирига дейди: “Сен тўғри айтган экансан. Неча марта халифанинг ҳузурига бориб сўзлашган бўлсам, унинг ҳайбати мени сўзлашдан тўхтата олмаган эди. Бу ерда эса у кишининг салобатидан сўз айта олмай қолдим”.

Зоҳид ва олим киши бўлган Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан ривоят қилинади: “Тушимда Пайғамбар (с.а.в.)– ни Бухорода, Харқон бозорида кўрдим. У зот хабарда келтирилган туяга минган эдилар, бошларида оқ кулоҳ. Олдиларида кўп халқ у зотнинг келганларига хурсандчилик қилишар ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни қаерга туширамиз, дердилар. Шунда у зотни Хожа Абу Ҳафснинг уйига туширдилар. Мен Хожа Абу Ҳафсни кўрдим, у Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларида китоб ўқир эди. Пайғамбар (с.а.в.) уч кун унинг уйида бўлдилар. Абу Ҳафс китоб ўқир, у зот тинглар эдилар, Набий (с.а.в.) шу уч кун ичида унга ҳеч эътироз билдирмадилар ва ўқиганларининг ҳаммасини тўғри топдилар”.

Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асари асосида тайёрланди

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 3 сентябрда эълон қилинган  1072 марта кўрилган