Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг йўлчи юлдуз мисоли дўстларидан бири, ансорларнинг пешқадамларидан бўлмиш Муъоз ибн Жабал (р.а.)нинг тўлиқ исмлари Муъоз ибн Жабал ибн Амр ибн Авс ал-Ансорий ал-Ҳазражий, кунялари Абу Абдурраҳмондир. Мўминлик тожини ўн саккиз ёшда кийган бу саҳобий Пайғамбаримиз билан биргаликда барча юришларда иштирок этганлар. Расулуллоҳ (с.а.в) у кишини муҳожирлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд билан биродар тутинтирган эдилар.

Пайғамбаримиз (а.с.) Муъозни жуда яхши кўрар ва буни ўзларига ҳам айтиб турардилар. Зеро, асҳоби киром орасида бу саҳобий келишган қад-қоматли одамгина эмас, балки юмшоқ феълли, ҳаёли ва жўмард киши сифатида ҳам танилгандилар.

Қуръони тўлиқ ёд олган қорилар орасида ҳам ҳазрати Муъознинг ўзига хос ўринлари бўлиб, бу ҳақда Пайғамбаримиз (а.с.): “Қуръонни мазкур тўрт киши – Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал ва Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан ўрганинг”, дея марҳамат қилганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

Муъоз ибн Жабал ҳаёт кечиришда зуҳду тақвога катта аҳамият берардилар. Кечалари таҳажжудга турар ва намоз сўнгида: “Аллоҳим! Ҳозир кўзлар уйқуда, кўкда юлдузлар порлаб турибди. Сен эса доимо барҳаётсан ва ҳар лаҳза махлуқларингни кузатиб турасан... Раббим, менга дунё ва охиратда ҳидоят насиб эт! Шубҳасиз, Сен ваъданга хилоф қилмайсан”, деб дуо қилардилар (Ибн Асир ривояти).

Ҳазрати Муъознинг саҳобийлардан Ибн Аббос, Ибн Умар ва бошқалардан ривоят қилган ҳадислари 157 тани ташкил этади. Бу зот айни пайтда фақиҳ саҳобийлардан бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётлик даврларидаёқ фатво бера бошлаган эдилар. Пайғамбаримиз (а.с.) бу хусусда: “Умматим орасида ҳалол ва ҳаромни энг яхши биладиган киши Муъоз ибн Жабалдир!” – деган эдилар (“Тажриди сариҳ”).

Пайғамбаримиз (а.с.) Муъоз ибн Жабални кишиларга исломни ўргатиш, Қуръонни тушунтириб бериш ва ёд олдириш учун Яманга юборганлар. Жўнаб кетаётганларида Расулуллоҳ (с.а.в.) билан ўрталарида кечган мазкур суҳбатни ҳазрати Муъоз кейинчалик энг эзгу хотира сифатида сўзлаб берганлар: “Аллоҳнинг Расули ўшанда мендан сўрадилар: “Эй Муъоз, (сендан бир масала сўралганда) нима билан ҳукм қиласан?” Мен: “Аллоҳнинг китоби билан”, дедим. “Агар ундан (жавобини) топа олмасанг-чи?” – сўрадилар яна. “Расулуллоҳнинг суннатлари билан”, деб жавоб қилдим. “Ундан ҳам топа олмасанг-чи?” – яна савол бердилар Расулуллоҳ (с.а.в). “Унда ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан”, дедим. Шунда у зот (а.с.): 2Набийсини рози бўлган нарсада муваффақиятли қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!” – дедилар (Ибн Саъд ривояти).

Яманга жўнаб кетаётган Муъоз ибн Жабал билан Расули акрам (с.а.в.) ушбу муборак сўзларни айтиб видолашдилар: “Эй Муъоз, балки бу сўнгги учрашувимиз бўлар. Аллоҳ сенга ҳидоят насиб этсин, олдингдан ва ортингдан, ўнгингдан ва сўлингдан, остингдан ва устингдан келадиган ҳар турли бало-офатлардан сақласин. Сендан инсонлар ва жинларнинг ёмонликларини нари қилсин. Эй Муъоз, балки масжидимни ва қабримни зиёрат қиларсан”. Бу сўзларни Муъоз юрак-бағрилари ўрталиб эшитдилар ва қайғудан йиғлаб-йиғлаб, хасрат билан йўлга чиқиб кетдилар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг айтганлари бўлди – Муъоз Ямандан Абу Бакрнинг халифалигида қайтдилар. Қолган умрларини Шомда ўтказдилар ва Иорданияда тоун касалига чалиниб, жуда эрта – ўттиз саккиз ёшларида вафот этдилар.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 3 сентябрда эълон қилинган  920 марта кўрилган