Амалларни ёзиб борувчи (кироман котибин) фаришталар борлигига, шунингдек, жон олувчи фаришта (Азроил а.с.) мавжудлигига ишонамиз.

Қабрда баъзи мустаҳиқ (шунга лойиқ) кишиларга азоб бўлишини, Мункар ва Накир деган икки фаришта кириб, марҳумдан Рабби, дини ва пайғамбари ҳақида сўрашини ҳақ деб биламиз. Қабр бу кимгадир жаннат боғларидан бири, кимгадир дўзах қудуқларидан биридир.

Қиёмат куни қайта тирилишимизга, амалларимизга мувофиқ жазо олишимизга, номаи аъмолларимизни ўқишимизга, сирот кўприги ва амал тарозисига, ҳозир ҳам мавжуд, йўқ бўлмайдиган жаннат ва дўзахга ишонамиз. Бу икки манзилни ҳаммадан олдин яратиб, сўнг уларга муносиб ўз аҳлларини ҳам халқ этди. Ҳар бир инсон ўзининг борадиган манзилига лойиқ иш қилиб боради.

Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бандаларга тақдири азалда битиклидир.

Тирикларнинг марҳумлар учун қиладиган дуолари, садақа ва эҳсонлари фойдадан холи эмасдир. Аллоҳ таоло дуоларни қабул қилувчи, ҳожатларни раво этувчи зотдир. У ҳамма нарсага моликдир, Унга ҳеч ким молик эмасдир. Оламни бир лаҳза ҳам Худосиз тасаввур этиб бўлмайди. Кимки ўзини Усиз мустақил деб бир лаҳза тасаввур этса, диндан чиқиб ҳалокат аҳлига мансуб бўлур.

Ақоид матнлари” асаридан олинди

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 3 сентябрда эълон қилинган  784 марта кўрилган