Анас ибн Молик (р.а.) айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) мени бир иш билан жўнатгандилар. Шу сабаб онамнинг олдига кеч қолдим. (Уйга) келганимда онам сўради:

Нега кечикдинг?

Расулуллоҳ (с.а.в.) мени бир иш билан жўнатгандилар, – дедим.

Қандай иш? – сўради у.

Бу – сир!

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сирларини ҳеч кимга айтма! – деди”. (Муттафақун алайҳ)

Шарҳни бошлашдан аввал ҳадисни Имом Бухорий “Сир сақлаш” бобида келтирганини айтиш лозим. Баъзи олимлар бу сир Пайғамбаримиз (с.а.в.) оилаларига оид эканлиги, акс ҳолда, уни яшириш Анасга ҳалол бўлмаслигини таъкидлаганлар. Ибн Баттол айтади: “Аҳли илмнинг фикрича, соҳибига зарар келтирадиган сирни очиш мубоҳ эмас, лекин одам ўлгач, тириклигида яширилган нарсаларнинг сир тутилишига зарурат йўқ”. Бунда у одамнинг обрўйига путур етмаслиги ва камситилмаслиги шарт.

Ибн Ҳажар бу борада шундай дейди: “Маълум нарса шуки, бировнинг сирларини вафотидан кейин очиш ёхуд очмаслик борасида аниқ ҳукм йўқ. Бунда қуйидаги ҳолатга қараб иш тутилади:

1. Мубоҳ ҳолатлар: бу мустаҳаб ҳам бўлиши мумкин. Ҳатто сир соҳиби истамаса ҳам. Агар гап кишининг тақвосидан хабар берувчи каромат, манқаба ва ҳоказолар борасида кетаётган бўлса.

2. Макруҳ ҳолатлар. Булар баъзида ҳаром бўлиши ҳам мумкин. Бунга ибн Баттолнинг фикри асос.

3. Вожиб ҳолатлар. Гап бажарилиши лозим бўлган мажбурият ва бурчлар ҳақида кетаётган бўлса”.

Сир сақлаш ҳақида Анасдан яна бир қанча ҳадислар ривоят қилинган: “Сиримни сақла, ишонарли бўл!”

Бир-бирига ишониб суҳбатлашаётганларнинг ҳеч бири шериги истамаган нарсани ошкор қилмоғи ҳалол бўлмайди!”

Биров бир нарса деб, атрофига қараб қўйса, бу омонат бўлади”.

Бинобарин, сир сақлаш дўстлик одобларидан биридир. Оғзи бўшлик қилиш яхши бўлмагани каби, оғзи бўшлар билан жуда яқин бўлиш ҳам дуруст эмас.

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 3 сентябрда эълон қилинган  781 марта кўрилган