Албатта: “Раббимиз – Аллоҳ”, – деб сўнгра (тоат-ибодатда) тўғри (устивор) бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (томони)дан бўлмиш зиёфатдир” (Фуссилат, 30-32).

Муфассирлардан Атонинг Ибн Аббосдан ривоят қилишларича, бу оят Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ҳақларида нозил бўлган. Чунки мушриклар: “Аллоҳ – раббимиз, фаришталар Унинг қизларидир. Бу (бут)лар Аллоҳ олдида шафоатчиларимиздир”, дедилар – истиқоматда бўлмадилар.

Абу Бакр (р.а.) эса: “Ягона Аллоҳ Парвардигоримиздир ва Унинг бирор-бир шериги йўқдир. Муҳаммад (с.а.в.) Унинг қули ва Расулидир”, деди – истиқоматда бўлди.

Анас ибн Молик айтади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) “Раббимиз – Аллоҳ”, – деб сўнгра (тоат-ибодатда) тўғри (устивор) бўлган зотлар...” – оятини ўқиб дедилар: “Одамлар бу гапни (Раббимиз Аллоҳдирни) айтадилар ва кўплар бунга кофир бўладилар. Кимки ушбу гапга риоя қилиб ўтса, ана ўша истиқомат қилганлардандир” (Термизий ривояти).

“Саҳиҳи Муслим”да келтирилишича, Суфён бин Абдуллоҳ ас-Сақафий Расулуллоҳ (с.а.в.)га дедилар: “Ё Расулуллоҳ, менга исломдаги бир сўзни айтингки, Сиздан бошқа бирортасидан уни сўрашимга ҳожат қолмасин”. Шунда ул зот дедилар: “Аллоҳга имон келтирдим, деб айт ва сўнгра истиқоматда бўл”.

Абу Бакр (р.а.)дан ривоят қилинади: “сўнгра (тоат-ибодатда) тўғри (устивор) бўлган зотлар”дан мурод “Аллоҳга ҳеч бир нарсани шерик қилмаганлар”дир.

Умар ибн Хаттоб (р.а.) бир куни минбарда хутба қилаётиб ушбу оятни ўқидилар ва унинг шарҳида: “Аллоҳга итоат қилиш йўлида устивор бўлганлар, тулкиларга ўхшаб ҳийла-найранг қилмаганлар”, дея тафсир қилдилар.

Усмон ибн Аффон (р.а.) эса бу оятни: “Сўнгра амалларини холис Аллоҳ учун қилганлар”, дея шарҳладилар.

Али ибн Абу Толиб (к.в.) бўлса ушбу оятни: “Сўнгра фарзларни адо этганлар”, деб изоҳлаганлар.

Тобеъинларнинг фикрлари ҳам шу маънодадир. Ибн Зайд ва Қатода бу оятни Аллоҳнинг тоатида истиқоматда (бардавом) бўлганлар, дея изоҳлаган бўлса, Ҳасан Басрий: “Аллоҳнинг буйруқларида истиқомат қилганлар, Унинг тоати йўлида амал қилганлар, Унга гуноҳ қилишдан сақланганлар”, деб шарҳлаган.

Мужоҳид ва Икрима: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига шаҳодат келтириб, ўлгунларича бу сўзда турганлар”, деб тафсир қилишган.

Рабиъ эса оятга: “Аллоҳдан ўзга ҳар нарсадан (масиваҳу) юз ўгирганлар”, тарзида изоҳ берган.

Аллоҳнинг: “У зотлар ҳузурига фаришталар тушурлар”, сўзи борасида Ибн Зайд ва Мужоҳид “ўлим онида”, деб изоҳлашган бўлса, Муқотил ва Қатода: “Қабрларидан қайта тирилганларида”, дейишган.

Оятдаги хушхабар борасида Вакиъ ва Ибн Зайд: “Хушхабар уч ўринда бўлади: ўлим олдидан, қабрда ва қайта тирилганда”, деган.

Қўрқманглар”ни Ато бин Абу Рабоҳа: “Савобли амалларингиз қайтишидан қўрқманг, чунки улар қабул бўлгандир”, шаклида тафсир қилган.

Икримага кўра эса бу лафз: “Олдингиздан (келгусида бўладиган ишлардан) қўрқманг, гуноҳингиз ҳақида қайғурманг, балки сизларга ваъда қилинган жаннатга кириб хурсанд бўлинг”, маъносидадир.

Ато бин Абу Рабоҳ “ғамгин бўлманглар” лафзини “гуноҳларингизга ғам чекманг, Мен уларни кечирурман”, шаклида тафсир қилган.

Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз”, ояти каримаси эса, фаришта хушхабар олиб тушиб: “Биз сизларнинг дўстингизмиз”, дейди, маъносидадир.

Мужоҳид бу оятни қуйидагича тафсир қилади: “Биз дунёда Сиз билан бирга бўлганимиздек, (бугун ҳам) Сизларга яқинмиз”.

Қиёмат куни бўлганда эса фаришталар уларга айтурлар: “Биз сиздан токи жаннатга кирмагунингизгача ажрамаймиз”.

Суддийга кўра бу гапни Аллоҳга нисбат берса ҳам жоиз, зеро, Аллоҳ мўминларнинг дўсти ва Мавлосидир.

Жаннатда Сизлар учун иштаҳангиз тортган, кўнглингиз тусаган барча лазиз нарсалар муҳайё қилиб қўйилган.

...ва сизлар учун у жойда истаган (яъни, сўраган ва орзу қилган ҳамма) нарсаларингиз бордир”. Бу эса “мағфиратли ва меҳрибон зот (томони)дан бўлмиш зиёфатдир”.

Кўриниб турибдики, азизлар, жаннатда биз учун кўнглимиз тилаши мумкин бўлган барча неъматлар ҳозир ва улар бизга мунтазир! Унга эга бўлиш учун эса, мустаҳкам имон, мукаммал ихлос ва ибодатларда бардавом бўлиш талаб этилмоқда, холос. Шундай экан, фурсатни қўлдан бой бермайлик! Ахир, ҳар дам ғанимат!

 

Қуртубий тафсири асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 3 сентябрда эълон қилинган  697 марта кўрилган