Ассалому алайкум, муҳтарам тақвимхонлар!

Сиз билан илоҳий раҳмату мағфират ёғиладиган муборак кунлар ва кечалар аввалида турибмиз. Июн ойида Рағойиб кечаси (ражаб ойининг биринчи жума кечаси)ни, июл ойида Меърож кечаси (ражаб ойининг 26-дан 27-га ўтар кечаси)ни, август ойида Бароат кечаси (шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси)ни қарши оламиз. Ҳар бири тасбеҳнинг доналари каби тизилиб келувчи мазкур муборак саналар бизни қутлуғ рамазон сари етаклайди, рўзага ҳозирлайди.

Зеро, рамазон фойдаланиб қолинадиган фурсат, гуноҳлардан, маънавий кирлардан тозаланиб олинадиган имконият мавсумидир. Иншааллоҳ, келгуси сонимизда рамазон ҳақида янада батафсил маълумотларни Сиз азизларга тақдим этишни ният қилиб турибмиз.

Тақвимнинг ушбу сони эса диёримизда ёз ойлари бошланган, бинобарин, тўй мавсуми авж паллага кирган пайтга тўғри келади. Шунинг учун мазкур нашримизда “Динимизда оила” мавзуига оид бир қанча маълумотлар, мақолалар беришни лозим кўрдик. Унда, жумладан, “Маҳр нима дегани?”; “Эр-хотин ҳақлари нимадан иборат?”; “Тўйларимиз бугун инсоф даражасидан исрофга сари тушиб кетмаяптими?” каби саволларга бир қадар жавоб олиш мумкин.

Қўлингиздаги тақвим китобини саҳифалаш ишини тугатган ҳам эдикки, мухлисларимиздан бири қўнғироқ қилиб, баъзи оилаларда онага яхшилик қилиш уч маротаба таъкидланган ҳадисни айрим ёшлар, ҳатто баъзи оналар ўзларича фаҳмлаб, оилада етакчилик онага хос экан, деган янглиш маъно чиқариб олаётганлари, натижада, оилада келишмовчиликлар юзага келаётганини айтдилар. Ва шу масалага ойдинлик киритувчи бир мақола ёзишимизни илтимос қилдилар. Бу масала мазкур сондаги оила мавзуига алоқадор бўлганлигини инобатга олиб, “Оилада ким етакчи бўлгани маъқул?” номли мўъжаз мақолани ҳам эътиборингизга ҳавола этдик.

Бундан ташқари, ушбу сонда маънавий жиноятлар сирасига кирувчи ёмон гумон ва умуман, гумон ҳақида атрофлича маълумот бермоқдамиз. Бу мавзуни келаси сонда ҳам давом эттириш ниятимиз бор. Яна, одатий рукнларимиз остида берилаётган мақолаларимиз ҳам, иншааллоҳ, Сиз азизларни бефарқ ва бебаҳра қолдирмайди.

Сўзбоши сўнгида тилагимиз шуки, Аллоҳим биз учун Ражаб ва Шаъбон ойларини муборак қилсин ва бизларни Рамазонга етиштирсин. Омин!

Таҳририят

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 3 сентябрда эълон қилинган  932 марта кўрилган