Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг биринчи ойи, биринчи муҳаррам эса янги йилнинг бошланиш кунидир.

Луғатда “муҳаррам” сўзи ҳурматланган, ҳаром қилинган, улуғланган маъноларини англатади. Дарҳақиқат, муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Аллоҳ таоло урушни ҳаром қилган тўрт ойдан биридир. Бундан ортиқ ҳурмат бўлиши мумкинми? Бу ой Аллоҳнинг ойи деб номланади, бундан ортиқ улуғлаш бўлиши мумкинми?

Муҳаррам ойи ўзининг қиймати, даражаси билан рамазон ойидан кейинги ўринда турадики, бу ҳам унинг қанчалик мубораклигини билдиради. Бу ойда рўза тутишнинг фазилати ҳам юксакдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”.

Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўрашди: “Эй Аллоҳнинг расули, Рамазондан бошқа қайси вақтда рўза тутишни тавсия қиласиз?” У зот (с.а.в.): “Агар рамазондан кейин рўза тутувчи бўлсангиз, муҳаррамда тутинг. Чунки у Аллоҳнинг ойидир. Унда Аллоҳ бир қавмнинг тавбасини қабул қилган ва бошқа қавмларнинг тавбасини қабул қилади”, дедилар.

Абу Лайс Самарқандий келтиришича, муҳаррам ойида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг тавбасини қабул қилган. Довуд алайҳиссаломнинг гуноҳларини кечирган. Иншааллоҳ, бу муборак ойда амалларини чиройли бажариб, тавба қилган инсонларнинг гуноҳларини ҳам Аллоҳ таоло кечиргай.

Зебуннисо тайёрлади

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 22 сентябрда эълон қилинган  581 марта кўрилган