сентябр 30

Муҳаррам ойи омма тилида ашуро ойи ҳам дейилади (“ашуро” сўзи луғатда “ўнинчи” деган маънони англатади). Бунга сабаб, бу ойнинг ўнинчи кунида жоҳилият даврида яҳудий ва насроний бўлган араблар ўртасида рўза тутиш одат бўлган эди. Кейинчалик Расулуллоҳ (с.а.в.) ушбу кунда рўза тутиб, саҳобаларига ҳам рўзадор бўлишни буюрган эдилар. Исломнинг илк давридан мусулмонларга фарз бўлган ашуро рўзаси рамазон рўзасининг фарз бўлиши билан мансуҳ бўлди ва суннат бўлиб қолди.

Ушбу кунда тутилган рўзанинг фазилатлари бисёрлиги хусусида Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки муҳаррам ойининг ўнинчи кунида нафл рўза тутса, Аллоҳ таоло унга ўн мингта фариштанинг савобини беради. Кимки муҳаррам ойининг ўнинчи кунида нафл рўза тутса, унга ўн мингта ҳожининг ва умра қилган кишининг ҳамда ўнг мингта шаҳиднинг савоби берилади. Кимки Ашуро кунида битта етимнинг бошини силаса, Аллоҳ таоло ҳар бир соч толаси баробарида унинг даражасини кўтаради. Кимки ашуро кечаси битта мўминга ифтор қилиб берса, гўёки Муҳаммад алайҳиссаломнинг барча умматларига ифторлик қилиб берган ва уларнинг қоринларини тўйғазганлик савобига эришади”, дея марҳамат қилганлар (Ибн Аббос ривояти).

Бу хусусда Ибн Масъуд (р.а.)дан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Кимки ашуро кунида ўз аҳли оиласига кўпроқ нафақа қилса (яъни, рўзғорини бут қилиб берса), Аллоҳ таоло йил давомида унинг ризқига кенгчилик беради”.

Суфён ас-Саврий ҳазратлари айтадилар: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик”.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 30 сентябрда эълон қилинган  1578 марта кўрилган