Чин мусулмон – оиласини, катталарни, ватанини яхши кўради. Одамларга юмшоқ муомалада бўлади. Имкон бўлди дегунча, яхшилик қилади. Ота-онаси ва ёши улуғларни ҳурмат қилиб, кичикларга иззат ва марҳамат кўрсатади.

Чин мусулмон – бандалигини билади. Бинобарин, бандалик вазифаларини бекаму кўст бажаришга интилади. Ҳеч ўлмайдигандек дунёси, эртага ўладигандек охирати учун яшайди. Фарзандларига яхши тарбия беради. Уларга Раббни танитиб, таълим беради. Нафақат ота-онаси ва яқинлари, балки барчага яхши муомалада бўлади.

Чин мусулмон – дин арконларини чуқур ўрганади. Берилган неъматларга шукрона айтади. Фақат ҳалолдан ейди ва ичади. Бировнинг молига, жонига ва номусига тажовуз қилмайди. Бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайди. Ҳийла ва хиёнат нелигини билмайди. Ҳасад, бахиллик ва кибрдан узоқ юради. Билиб-билмасдан қилган гуноҳларига дарҳол тавба қилади. Ўтганларнинг руҳларини шод этиш учун Қуръон тиловатини канда қилмайди. Оиласи, дўсту биродарлари ва барча мўминлар ҳақига дуо қилади.

Чин мусулмон – ишларига диққатли бўлади. Вақтини беҳуда сарфламайди. Меҳнат қилади, лекин ризқни Аллоҳдан деб билади. Қуп ҳаққидан қўрқади. Ўзгаларнинг нуқсонларини афв эта билади. Сўкинмайди, беҳаё сўзларни тилига олмайди.

Чин мусулмон – ҳар бир ишида бошқаларга намуна бўлади. Биров билан урушмайди, жанжаллашмайди. Ёлғон гапирмайди. Фитна чиқариб қўйишдан сақланади. Асабларига ҳоким бўла олади. Бировнинг ғийбатини қилмайди, риёни хаёлининг кўчасига ҳам келтирмайди. Ширинсухан, очиқ чеҳрали, ростгўй, кўнгли тоза инсон бўлади. Ҳаё, шафқат, сахийлик унинг доимий ҳамроҳларидир.

Чин мусулмон – барча ёмон одатлардан холи бўлиб, икки дунё саодатини қўлга киритишни ўз мақсади деб билади.

Ш.Исроилов

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 25 апрелда эълон қилинган  669 марта кўрилган