“Ҳуд” сурасининг 112-оятида ана шундай сўзлар мавжуд. Нега айнан шу оятни алоҳида тилга олиб гапиряпмиз? Расулуллоҳнинг (с.а.в.): “Мени “Ҳуд” сураси ва унинг ўхшашлари қаритди”, деган ҳадислари бор. Зеро, ушбу оятда истиқомат (ҳақ йўл)да яшаш амр қилиняпти. Бу муҳим нарсадир, яъни, кунига беш вақт намоз ўқийдиган мўмин “Фотиҳа” сурасини ўқиганда ҳар сафар “бизни тўғри йўлга бошла...”дея муножот қилади. Истиқомат Қуръон амрлари ва қайтариқлари асосида яшаш тарзидир. Ушбу оят нозил бўлганда гуноҳлардан ҳимояланган, устига устак Аллоҳнинг ҳабиби бўлган Расулуллоҳни (с.а.в.) ўйга толдириб қўйган. Масалан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) тунлари оёқлари шишиб кетгунга қадар намоз ўқиб чиқардилар. Оиша онамиз: “Келажак ва ўтмиш гуноҳларингиз афв этилган бўлса, нега бундай қиласиз?”, деб сўраганларида, ул зот: “Нечук Аллоҳга шукр қиладиган банда бўлмайин?”, дея жавоб қайтардилар. Яъни, неъматларнинг шукри ибодатлар билан бўлади. Бу ибодатлар фақат намоз ва рўзадангина иборат эмас, тўғри йўлда ташланган ҳар қандай қадам хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, бандалик, қуллик аломатидир. Бинобарин, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳаётнинг ҳар бир сониясини ҳам истиқомат билан суғоришга интилганлар. Умматнинг ғамини еб ўтган Пайғамбаримизга (с.а.в.) юқоридаги оят қаттиқ таъсир қилган.

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 23 февралда эълон қилинган  703 марта кўрилган