Аллоҳ таоло “Исро” сурасини ўз пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)га кўрсатган улуғ инъоми хабарини бериш билан бошлайди:

  “(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун тунда, (Маккадаги) Масжидул-Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул-Ақсога сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир” (Исро - 1). 

  Албатта, Расули Акрам (с.а.в.)га ато этилган Исро ва Меърож ҳодисаси ҳақдир. “Исро” сўзи луғатда – тунги саёҳат маъносини англатади. Шаръий атама сифатида эса, Пайғамбаримиз (а.с.)нинг бир тунда Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдирилишларига нисбатан ишлатилади. Бу ўша кеча содир бўлган воқеанинг биринчи қисми бўлиб, у оят билан тасдиқлангани боис, уни инкор этиш куфр ҳисобланади.

  Воқеанинг иккинчи қисми эса, “Меърож” деб аталади. Бу сўз луғатда “юқорига кўтарилиш” маъносини беради, шариъат истилоҳида эса Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Масжидул Ақсодан Сидратул Мунтаҳога, яъни Арши аълога кўтарилишларини англатади. Меърож ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилинган бир қанча ҳадислар хабар беради. Бу ҳадислар қатъий далил (ояти карима ёки мутавотирлик) даражасида бўлмаганлиги сабабли баъзи тоифалар Меърожнинг ҳақ эканлиги ва унинг тушда ёки ўнгда рўй бергани борасида ихтилоф қиладилар. Бироқ, бу ҳадисларни ва ундаги кўплаб маълумотларни тасдиқ этувчи оятларни атрофлича ўрганиб чиққан аҳли сунна вал жамоа уламолари Меърож ҳодисасининг ҳақ экани ва Ул зотнинг ўнгларида рўй берганига иттифоқ қилганлар.

 

“Баҳру-л-калом” асари асосида
М. Хушвақтов тайёрлади

Саҳобийлар ҳаётидан

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 12 апрелда эълон қилинган  1199 марта кўрилган