Тўрт ракатли нафл намози бўлиб, ҳар ракатда 75 марта “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дея тасбеҳ такбири ўқилади.

Тасбеҳ намозининг ўқилиш тартиби қуйидагича:

Ният қилиниб, Аллоҳу акбар, дея намоз бошланади. “Сано”дан кейин 15 марта “Субҳаналлоҳи...” ўқилади. Аъузу ва басмала айтилиб, “Фотиҳа”дан кейин яна бир сура ўқилгач, 10 марта “Субҳаналлоҳи...” айтилади. Рукуда 3 бор “Субҳана Роббиял азим”дан кейин 10 марта, “Самиаллоҳу ли ман ҳамидаҳ” дея турилиб, қиёмда 10 марта “Субҳаналлоҳи...” ўқилади. Саждада 3 бор “Субҳана Роббиял аъла”дан кейин 10 марта, саждадан такбир билан турилиб ўтирган ҳолатда 10 марта, иккинчи саждада ҳам 3 марта “Субҳана Роббиял аъла”дан кейин 10 марта “Субҳаналлоҳи...” айтилгач, бу тасбеҳ бир ракатда жами 75 марта ўқилган бўлади.

Кейин иккинчи ракатга турилади ва ракат аввалида 15 марта, “Фотиҳа” ва яна бир сура ўқилгач, 10 марта “Субҳаналлоҳи...” айтилади. Иккинчи ракат аввалги ракатдагидек тартибда адо этилади. Ўтирилгач, ташаҳҳуд ва салавот ўқилиб, учинчи ракатга турилади. Шу тарзда тўрт ракатда ўқилган тасбеҳлар сони 300 тага етади.

Тасбеҳ намозининг фазилати улуғлигига қуйидаги ҳадиси шариф далолат қилади. Жаноби Фахри Коинот (с.а.в.) амакилари ҳазрати Аббос (р.а.)га: “Амаки! Сизга бир яхшилик қилайинми?” дедилар ва тасбеҳ намозининг ўқилишини ўргатдилар. Бу намозни ўқиган кишининг аввалги ва кейинги, эски ва янги, катта-ю кичик, ошкора-ю махфий, билибу билмай қилган гуноҳларининг барчасини, ҳатто Олиж воҳасининг қумлари қадар кўп бўлса ҳам, Аллоҳ таоло кечиришини айтдилар.

Қодир бўлсангиз, бу намозни ҳар куни бир марта ўқинг. Ҳар куни ўқиёлмасангиз, ҳар жума куни бир марта ўқинг. Бунга кучингиз етмаса, ҳар ойда бир марта ўқинг. Бунга ҳам қодир бўлмасангиз, ҳеч бўлмаганда бир йилда бир марта ўқинг. Буни ҳам бажаролмасангиз, умрингизда бир марта бўлса-да бу намозни ўқинг” (Термизий ва Абу Довуд ривояти).

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 4 июнда эълон қилинган  3476 марта кўрилган